Университет тарихи
Гулистон Давлат Университети
(0367) 225-40-42
(0367) 225-42-75
Bizning shior: Universitet obro'si har bir professor o'qituvchi, xodim va talabaning or-nomusi, iftixori va vijdon ishidir.           Asosiy maqsadimiz: Eng yetuk universitetlar qatoridan joy olish!           Ilm bir shu'la, dilga tushgan on Shunda bilursankim, ilm bepoyon...
Университет тарихи

Ҳозирги Гулистон давлат университети 1965 йилда илк марта иш бошлаган Сирдарё давлат педагогика институти (СДПИ) заминида ташкил этилган. Кўпмиллатли кўҳна Мирзачўл ҳудудида ўзбек, қозоқ, рус, тожик мактаблари мавжуд бўлиб, уларда педагоглар, фан мутахассислари йетишмаслиги ўлкада олий таълим муассасасининг ташкил этилишига асос бўлган. Дастлабки йили институтда 1та факултет (филология)га 400 нафар талаба қабул қилинган. Жами 5та кафедра мавжуд бўлган. Кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, факултетда ўзбек, рус, қозоқ тили ва адабиёти, хорижий тиллар бўлимлари очилган. Дастлабки йили институтда 30 нафар ўқитувчи (шундан 5 нафар фан номзоди) фаолият юритган.

Биринчи ўн йилликда институтнинг пойдевори қурилиб, янги факултетлар : математика, физика, жисмоний тарбия, сиртқи бўлимлар, кутубхоначилик, бошланғич таълим, тарих йўналишлари очилди. 1976 йилгача институт халқ хўжалигига ва таълим тизимига 3200 мутахассис тайёрлаб берган. Илмий даражаси бор ўқитувчилар 5 нафардан 39 нафарга етган. Анқобой Қулжонов, Худойберди Дониёровлар институт даргоҳида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Иккинчи ўн йилликда дарс жараёнларини техник воситалар билан таъминлашга асосий эътибор қаратилган. Жумладан, телемарказнинг ишга тушиши, техник воситалар орқали дарс ўтиш, телеэкранларда намойиш қилиш орқали кириш имтиҳонлари, давлат имтиҳонлари қабул қилиш тажрибаси республикадагина эмас, собиқ шўро давлатида ҳам катта қизиқиш уйғотган. Факултетлар сафига педагогика, хамда тарих ва бошланғич таълим услубияти факултети ҳам қўшилган, биология йўналиши бўлим сифатида очилган. Илмий салоҳият ҳам ўсган. 1 та докторлик, 25 та номзодлик диссертацияси ёқланган.

Учинчи ўн йиллик Гулистон шаҳрида ҳозирги университет янги биноси қуриб битказилиши билан ёдда қолди. Ёруғ ва шинам ўқув хоналари, замонавий усулда жиҳозланган кабинетлар, лабораториялар, кафедралар ҳар қандай тараққий топган хорижий давлат ҳам ҳавас қилса арзигулик ҳолда эди.

sayt-korinishi-uchun/yangi-bino.jpg

Университетнинг ташкил топиши

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, кадрлар тайёрлаш, таълим-тарбия жараёнларини такомиллаштиришга катта эътибор берила бошлади. Миллий ҳуррият эълон қилинганига ярим йил ҳам ўтмай, аниқроғи 1992 йилнинг февралида бир қатор вилоятларда, жумладан, Сирдарё вилоятида ҳам университет ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Бугунги кунда университетда бешта: Филология, Физика-математика, Педагогика, Табиатшунослик ва Ижтимоий-иқтисодий факултетлари ва 21 та кафедра фаолият кўрсатяпти

Айни вақтда университет бўйича жами 4 минг 953 нафар талаба билим олаётган бўлиб, уларга 402 нафар профессор-ўқитувчи таълим бермоқда. . Профессор-ўқитувчиларнинг 7 нафари фан доктори ва 100 дан ортиғи фан номзоди ҳисобланади. Талабаларнинг чуқур ва ҳар томонлама билим олишлари учун зарур моддий-техника базаси ортиғи билан яратилган. Ахборот ресурс марказининг маълумотлар базасида 4 мингдан ортиқ электрон китоб ва ўқув қўлланмалари мавжуд. Бундан ташқари талабалар университет веб саҳифасидан барча керакли маълумотларни олиш имкониятига эга. Университет веб саҳифасига дарсликлар, маъруза матнлари, ўқув услубий қўлланмалар ва бошқа маълумотлар жойлаштирилган.

Университетда дунёнинг нуфузли таълим даргоҳларидаги каби лабораторияларнинг ривожланишига ҳам катта эътибор берилмоқда. Мавжуд лабораторияларнинг умумий майдони 2008 квадрат метрни ташкил этади. Бу ҳар бир талабага 4.5 квадрат метр тўғри келишини билдиради. Ҳаммаси бўлиб 25 та ўқув хонаси лаборатория сифатида жиҳозланган, 1 та ўқув хонасига лингафон тизими жорий этилган.

 Талабаларнинг Интернет тармоғидан фойдаланиши ва университет доирасида локал электрон кутубхонани тадбиқ этиш учун кенг масштабли ишлар амалга оширилмоқда. Университетда 30 та компютер синф бўлиб, уларда 700 дан ортиқ компьютер мавжуд, шундан 400 таси интернет тармоғига уланган. Бу ҳар 7 нафар талабага 1 та компьютер тўғри келишини кўрсатади.

Илмий салоҳияти

 Ҳар йили университет олимлари томонидан ўрта ҳисобда 250 дан ортиқ илмий мақола (шулардан 30 таси хорижда), 5 та монография, 4 та ўқув қўлланмаси ва 512 та услубий қўлланма чоп этилади . Бу жиҳатдан Гулистон давлат университетининг Ўзбекистон Республикаси таълим тизимидаги мавқеи ёмон эмас. Мазкур ҳолат университетда илмий–тадқиқот ишларининг кенг доирада йўлга қўйилганлиги билан изоҳланади. Университетда фаолият юритаётган илмий бўлим, маркетинг бўлими, халқаро алоқалар бўлими ва бошқа турдаги бўлимлар ҳам илмий изланишлар самарадорлигини ошириш, халқаро тажрибани ўрганиш каби мақсадларга хизмат қилаётир.

Гулистон давлат университетнинг шаклланишида Темпус ва ITEC томонидан тақдим этилган халқаро грантлар муҳим ўринга эга бўлди. Бугунги кунда университет IWMI, ICARDA ва JIRCA каби халқаро институт ва ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Университет МДҲ мамлакатлари ОТМлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган бўлиб, буларга Кемерово давлат университети, Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Санкт-Петербург давлат университети, Ставропол давлат университети, Саратов давлат университети, Новосибирск давлат университетини мисол сифатида келтириш мумкин. Бундан ташқари ҳар йили 3-4 нафар талаба АҚШ, Германия, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Малайзия ва Сингапур каби мамлакатларга ўқиш ва стажировка ўташ учун юборилади.

Университетда таълим тизимини такомиллаштириш жараёни жадал суръатларда давом эттириляпти. Таълим сифатини оширишда янги ташкил этилган “Педагогик инновациялар маркази”, “ Минтақавий тадқиқотлар маркази” ҳамда “Ёш олимлар кенгаши” ва бошқа марказларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Мазкур марказлар фаолияти ёш олимларнинг ўз имкониятларини рўёбга чиқаришигагина хизмат қилиб қолмай, нафақат ўқув юртида, балки Республика миқёсида ҳам маъқулланмоқда.

 Университет олимлари Сирдарё вилоятининг шўрланган ерларини яхшилаш ва тиклаш бўйича кенг миқёсли ва самарали ишлар олиб боришмоқда. Бунинг далили сифатида университетда буғдойнинг “Сайхун”, “Боёвут -1”, “Ҳасан-Ориф” ва “Гул ДУ” навлари яратилганлигини кўрсатиш мумкин. Бундан ташқари сирдарёлик олимлар тажрибасидан ўтган “Сирдарё-1” ва ”Сирдарё-2” каби янги ғўза навлари ҳам яқин келажакда Сирдарё вилояти далаларида экилади. Университетда “Генбанк” ўсимлигини йетиштириш бўйича ҳам лойиҳа ишлаб чиқилган. Университет экспертларининг фикрича, ушбу лойиҳа асосида деҳқончилик йўлга қўйилса, Сирдарё вилоятининг кучли шўрланган тупроқли шароитида биохилмахилликни яхшилашга янги-янги истиқболлар очилиши мумкин. Ушбу ўсимликни яратиш бўйича университетда янги биотехнологик лаборатория ташкил этилган. Технологик жиҳатдан юқори потенциалга эга бу лабораторияни яратишдан мақсад ўсимликни ҳужайра даражасида яратиш ва шўрга чидамли ўсимликларнинг янги турларини ишлаб чиқиш ва районлаштиришдир.

Айни кунларда университетда 8 та факултет, 27 кафедра 450 нафар профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатмоқда. Университетда сўнги тўрт йилда 2 та янги факультет, 6 та янги кафедра, 10 дан ортиқ янги йўналишлар очилди. Шунингдек, 10 та магистратура йўналишлари ташкил этилди. Университетнинг кундузги, сиртқи, кечки бўлимларида 13 770 нафар бакалавр ва магистрлар таҳсил олмоқдалар. Сўнги 3 йилда 32 нафар диссертациялар ҳимоялари бўлиб ўтди.

16587 | 2017-12-29 09:33

16379

8000

8209

49

121

19

PHD.MININNOVATION.UZ

Categoriyalar