Ғалаба боғида ғалабанинг тасвирий симфонияси.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини халқимиз кўтаринки руҳ билан нишонлади.

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган боболаримиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Тошкентда серфайз ва муҳташам боғ бунёд этилди. Номи ҳам ифтихорли – Ғалаба боғи.

Бу қутлуғ сана биз учун жуда қадрли. Берилган жонлар, тўкилган қонлар унутилмайди. Улар мангу ҳурматланади, эъзозланади. Шунинг учун Ғалаба боғининг ҳар бир экспонати кўнглингизга хотира ва қадрлаш руҳиятини солиб, сизни кузатади гўё. Боғ кезиб, бу қутлуғ санани муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказишга қаратилган тайёргарлик ишлари қанчалик пухта ўйлангани, пишиқ амалга оширилганини ҳар қадамда сезасиз.

Ғалаба боғи – хотира боғи. У ҳар биримизни боболар жасоратидан ҳайратга, зиёратга чорлаяпти. Кутаяпти. Ҳайратга, деб бежиз айтмадик. Чунки боғда Иккинчи жаҳон уруши давридаги блиндаж ва окопнинг табиий кўриниши ва ер ости қисмида урушга оид бўлган осори атиқалар – ҳарбийларнинг хатлари, идишлари, кийимлари, ҳужжатлари, шахсий буюмлари, фотосуратлари намойиш этилган. Радиокарнай орқали уруш давридаги мусиқа ва хабарлар асосида тарихий муҳит яратилган.

Боққа кириб қайси манзара, экспонатга қарашни билмай ҳайрон бўлиб, тўхтаб қоласиз. Замон алмашади. 1941-1945 йилларга тушиб қолгандек бўласиз. Тошкент вокзалининг 1945 йилдаги ҳолати қурилган. Унга кириб, ўша таҳликали кунларда халқимиз ўзи емай-ичмай, “Ҳамма нарса фронтга”, деб йиғиб юбораётган маҳсулотларни ушлаб кўрасиз.

Иккинчи жаҳон уруши даври манзаралари – инсталляциялар, ҳарбий техника, тарихий экспонатлар, фронт, окоп, концлагер, мажақланган немис танклари, блиндажлар, танклар. 1945 йилдаги Тошкент вокзали, эшелонлар, Амерсфортда асирга тушган 101 ўзбекнинг чекаётган азоблари, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган самолёт, снарядлар, жангчилар, ўша кунлардаги жанговар ҳаёт саси, овозлар...

Танкларга “Берлин сари олға!”, “Ўзбекистон меҳнаткашларидан!”, “Қасос учун!”, “Биз ғалаба қиламиз!”, “Ўзбекистон фронтга!”, деб ёзилган. Буларнинг ҳаммаси қўшилиб ғалабанинг меҳрли, тасвирий симфониясига айланади. Сиз беихтиёр унинг томошабинига, кейин иштирокчисига айланиб кетасиз.

Бу боғ Ватан ҳимоясининг 1418 кунлик ҳаёт-мамот жанги манзаралари орқали ҳар биримизга жасур боболаримизга муносиб фарзанд бўлишимизни, бирлашиб, она Ўзбекистонимизнинг миллий юксалиши учун ўзимизни аямаслигимиз кераклигини тушунтираётир.

Ғалаба боғида Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига бағишлаб “Матонат мадҳияси” монументи барпо этилган. Ғалаба боғи бир узук бўлса, “Матонат мадҳияси” монументи унинг кўзи бўлиб турибди.

Монумент олдида киши тўхтаб қолади. Унда сизга қараб турган муниса, лекин иродаси чўяндан-да қаттиқ қаҳрамон ўзбек аёллари сиймосини кўрасиз. Бу қиёфалар тўқима образлар, ижодкор илҳоми, фантазияси эмас.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо бўлган “Матонат мадҳияси” монументи ҳаёт, адолат, ҳақиқат тимсоли. Чунки Зулфия она урушда беш фарзанди ҳалок бўлган реал шахс. Монумент атрофини қуршаган беш устун, устунлар устида Зулфия она ўғилларига тишлатиб қолган беш нон ана шундан сўзлайди. Бу манзарани кўрган одамнинг юраги ҳапқириб, титраб кетади.

Тошкент вилояти Зангиота тумани Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия она эридан қолган белбоғни белига боғлаб, кундузи мардона меҳнат қилди. Бошқалар кўрмасин, деб уларнинг фироқида тунлари дарё бўйида йиғлаб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 9 май кунидаги байрам табригида айтилганидек, Зулфия онада ўзбек аёлига хос бўлган асл фазилатлар мужассам эди. Унинг бева қолган келинларининг садоқату матонати Зулфия онаникидан қолишмайди. Уруш даврида шундай оилалар, одамлар, оналаримиз бор эди. Лекин уларни билмас эдик. Номаълум солдатларнинг номаълум қиёфаларига кўникиб келаётган эдик. Шахсан Президентимизнинг ташаббуси билан халқимиз ўз қаҳрамонларини кўрди. Тимсолларини эмас, ўзларини, кўзларини кўрди.

“Матонат мадҳияси” монументи ўзбекнинг барча матонатли, садоқатли аёлларини шарафлаган ҳайкал бўлиб қолади. Унга қараб, ҳайратга тушасиз, миннатдор бўласиз, ўйга толасиз. Монументга қараб туриб, Президентимизнинг “Юртимизда ҳар бир хонадон бу мудҳиш урушнинг жабрини ўз бошидан ўтказган”, деган меҳрибон сўзларини эслайсиз. Кўзларингизга мунгли ва севинч ёшлари келади.

“Шон-шараф” музейи. Бу музей боғнинг адоғида, афсонавий тепалик остига жойлаштирилган. Тепалик устида қаҳрамон жангчиларимиз генерал Собир Раҳимов раҳнамолигида мағрур туришибди. Музейдаги далилий ашё, ҳужжатларда Ўзбекистон халқининг буюк ғалабага қўшган муносиб ҳиссасининг тўлиқ, ҳаётий, тўкис акси бор.

Музей айлана шаклда. Уни 1941 йилидан кириб, 1945 йилида – даврлар оша кезиб чиқасиз. Жанговар қурол-аслаҳалар, техникаларни, ўша даврдаги ватанпарварларнинг ҳам, душманларнинг ҳам сиймоларини кўрасиз.

Музейга кирганда Иккинчи жаҳон уруши арафасидаги тинч, қадрдон, ўзбекона ҳаёт манзараларини кўрасиз. Бироз юриб, урушнинг эълон қилинишини эшитиб, бунинг қандай бўлганини ҳис қиласиз. Ҳаяжонингиз оша боради.

Музейда фашизмнинг биринчи зарбасига кўксини қалқон қилган Брест қалъаси тасвирланган. Унда душманга қарши ўт очаётган ўзбек йигитларини кўрасиз. Демак, фашистларга қарши энг биринчи ўқларни ўзбекистонликлар отганидан ғурурингиз тошади. Баҳодир боболаримизнинг жасоратига, шиддату матонатига ихлосингиз янада ошади. Ишонинг, бу музейга кирган ҳар бир киши ватанпарвар бўлиб чиқади.

Ғалаба боғи ёшларимизни, айниқса, бўлажак ҳарбийларимизни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда амалий ибрат маскани бўлиб қолади. Бу ерда бўлган фарзандларимиз фахр билан “Агарда мана шу тўп ортида турган, мана шу самолёт штурвалида ўтирган ё мана шу танкда мен ўтирганимда, ҳеч иккиланмасдан, Ватаним учун бундан 75 йил олдинги ота-боболаримнинг жасоратини такрорлар эдим”, дейиши аниқ.

“Кўз ёш” монументи. Кўз шаклида яратилган. Улкан кўз гавҳарида юзлаб қабртошлар. Улар турли миллат ва динга мансуб кишилар. Бу ҳам урушнинг дин, миллат танламаслигини, демак, ҳар қандай ёвуз ғояларга бутун инсоният бирлашиб курашиши зарурлигини уқтириб турибди.

Ғалаба боғида ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсади мужассам. Шунинг учун Президентимизнинг табрик сўзларида у “ноёб маънавий, меъморий ва тарихий обида”, дея тавсифланди. Бу бежиз эмас, зеро, бу боғ Иккинчи жаҳон урушининг аянчли асоратларини унутмаслик, доимо огоҳ бўлишга чорлайди. Шунинг билан бир қаторда, аҳолининг мазмунли дам олиши, кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун, маданий-оммавий тадбирлар, ижодий учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар, адабий учрашувлар маскани бўлиб хизмат қилади.

Ёш авлод онгига Ватанга садоқат ва унинг тақдири учун дахлдорлик туйғусини сингдириб, уларда ёт ғоя ва қарашларнинг салбий таъсирига қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шу топда кўнгиллардан бир савол кечади: оталаримиз фронтда, момоларимиз меҳнатда бизнинг бугунги бахтиёр кунларимиз учун ўзни фидо қилишган. Ўзларини аяшмаган. Бизчи? Биз нима қилаяпмиз? Лоақал ўзимиз, оиламиз фаровонлиги учун фидойи бўла олаяпмизми?

Ғалабанинг 75 йиллиги ҳар биримизни Ватан олдидаги фарзандлик бурчимизни қайтадан англаб олишга чорлайди. Миллий юксалишимиз учун ўзимизни аямасдан, бугун кечагидан, эртага бугунгидан самаралироқ, белни боғлаб хизмат қилиш билан давлатимизнинг куч-қудратини, тинчлигини мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўшишга даъват қилади.

Ишончимиз комил, бу боғ пойтахтимизнинг энг гавжум, гўзал маънавият ва маърифат гўшаларидан бири бўлиб қолади. Халқимизнинг жасоратли тарихидан ёш авлодларга абадий сўзлайди. Тинч, хотиржам ҳаётнинг бебаҳолигини қадрлашга, огоҳликка чорлайди.

Халқимизга мана шундай бебаҳо туҳфа муборак бўлсин.

Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
раҳбарининг биринчи ўринбосари.

(ЎзА)

220 | 2020-05-12 10:06
Sayt bo'ylab izlash
Ishonch telefonlari
0 (367) 225-41-76
Rektor virtual qabulxonasi
'Huquqiy axborot' kanali
DTM Sirdaryo viloyati bo'limi kanali
Edu.uz (rasmiy kanal)

Guliston davlat universiteti (GulDU)
Telefon: (0367) 225-02-75
Faks: (0367) 225-40-42

Manzil: Guliston sh. 4 mavze
Jamoat transporti: 2-4 yo'nalishdagi avtobus, universitet bekati
Email: glsu_info@edu.uz
Saytimizdan ma`lumot ko`chirilganda guldu.uz manba sifatida ko`rsatilishi shart.

Saytda xatolikni ko`rsangiz, xatoni belgilang va "CTRL+ENTER" tugmalarini bosib ma`muriyatga xabar bering!


Powered by Anvar Abduqayumov 2020
  • Kirish

    Login
    Parol
    Ro'yxatdan o'tish