ТИЛ БОР – МИЛЛАТ ЯШАЙДИ
ГулДУ - ГУЛИСТОН ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ

Bizning shior: Universitet obro’si–har bir professor–o’qituvchi, xodim va talabaning or–nomusi, iftixori va vijdon ishidir.           Asosiy maqsadimiz: Eng yetuk universitetlar qatoridan joy olish!           Ilm bir shu’la, dilga tushgan on Shunda bilursankim, ilm bepoyon...
ТИЛ БОР – МИЛЛАТ ЯШАЙДИ

Инсон дунёни идрок этиши, атроф-муҳитни англашида тилнинг аҳамияти беқиёсдир. Маънавиятни тилдан, тилни эса маънавиятдан айри ҳолда тасаввур ҳам этиш мумкин емас. Тил миллат кўзгуси. Миллатнинг ўзлигини англатувчи омиллардан биридир. Тилсиз миллат-миллациз тил ҳам бўлмаганидек, маънавиятсиз тил – тилсиз маънавият ҳам бўлмайди.

1989 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши халқимиз маънавиятини юксалтириш, миллий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, бебаҳо бойлигимиз бўлмиш она тилимизни ривожлантириш йўлида улкан тарихий воқеа бўлган эди.

Ўзбек тилига Давлат тили мақомини берган Қонун қабул қилинганига ўттиз бир йил бўлди. Бу албатта, тарих учун жуда қисқа фурсат. Аммо шу қисқа вақт ичида она тилимизнинг софлигини сақлаш, мавқеини юксалтириш йўлида улкан ишлар амалга оширилди.

Мамлакатимизда ўзбек тили эркин қўлланмайдиган бирорта соҳа йўқ. Ўзбек тили ўзининг кенг имкониятларини халқаро муносабатларда, энг мураккаб фан соҳаларида тўлиқ намоён қилмоқда. Бугунги кунда давлат аҳамиятига молик йирик учрашувлар, халқаро анжуманлар, тадбирлар, нуфузли спорт мусобақаларида ўзбек тили фаол қўлланилмоқда.

Тил тарихига назар ташлар еканмиз инсониятга хос тил қачон пайдо бўлганлиги, дастлабки тилларда қандай сўзлар бўлганлиги, унинг грамматик хусусиятлари нималардан иборат эканлиги ҳал қилинган эмас. Лекин бизга шу нарса маълумки, кишилик тарихидаги барча маънавий бойликлар тил орқали етиб келганлиги ҳеч кимга сир эмас. Халқ достонлари, қўшиқлари, афсоналари, эртаклари ва бошқалар оғиздан оғизга ўтиб бизгача этиб келган. “Алпомиш” достони халқимизнинг ана шундай маънавий бойлигидир.

Тил тараққиёти жамият тараққиёти билан зич боғланган: тил жамият тараққиёти билан бирга тараққий қилади, бойийди. Кишилик жамияти тарихи шуни кўрсатадики, жамият аъзоларининг аввал уруғдош тили, қабила тили, кейин елат, халқ ва айрим миллат тили пайдо бўлади. Ўзбек тили ўзбек халқининг миллий тилидир.

Миллий тилнинг ягоналиги шундаки, тил шу миллатнинг барча табақалар, гуруҳлар ва синфларига бир хил хизмат қилади, уларнинг ҳаммаси учун бирдан бир алоқа воситаси ҳисобланади. Чунки тилни халқ яратади, тил – жамиятнинг барча аъзолари умумхалқ томонидан яратилган ижтимоий ҳодисадир.

Ўзбек тили таълими мазмунининг тубдан ислоҳ қилингани, шунга мувофиқ янги дарсликлар яратилгани, уларнинг нашрдан-нашрга тўлдирилган ва такомиллаштирилган ҳолда чоп этилаётгани ёш авлоднинг тил тарбиясида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат вакиллари ўзбек тилига мустақил давлатимизнинг муқаддас тимсолларидан бири сифатида еҳтиром кўрсатиб, уни ўқиб-ўрганмоқда. Шу билан бир қаторда, уларнинг ҳам ўз она тили ва маданияти ривожи учун берилган имкониятлар самараларини ҳар қадамда учратиш мумкин. Сирдарё вилоятида таълим ўзбек, рус, қозоқ, тожик  тилларида олиб борилади. Бу тилларнинг барчасида дарслик ва ўқув адабиётлари нашр этилмоқда.

Сирдарё вилоятида фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар турли миллат вакилларининг урф-одатлари, анъаналари, маданияти, тили каби бебаҳо миллий қадриятларининг сақланиши ва ривожланишига хизмат қилмоқда.

Инсон, аввало, ўз она тилини мукаммал билсагина бошқа тилларга ҳурмат билан қарайди ва уни ҳам муҳаббат билан ўрганади.

Шўролар даврида умумий бир маданият, байналминал дўстлик, биродарлик ниқоби остида миллатларни яқинлаштириш, бирлаштириш умумий бир тилни олға суриш сиёсати олиб борилди. Натижада миллий тиллар, майда кичик-кичик халқ, елат тиллари сиқувга олиниб, алоқа воситаси сифатида уларнинг ишлатилиш доираси борган сари чеклана борди. Шулар қаторида ўзбек тили ҳам катта сиқув остида қолиб, унинг йирик бир миллат тили сифатида тараққиёт йўллари тўсиқларга учраган еди. Ўзбек тили ўзбек халқининг миллий тили бўлса ҳам давлат тили даражасига кўтарилмаган эди.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан тил билан боғлиқ муаммолар ҳал қилинди. Она тили тараққиёти учун кенг имкониятлар яратилди. Халқимизнинг асрлик орзуси рўёбга чиқди.

Ўзбекистонда яшовчи турли миллат ва елат вакиллари ҳам ўз она тилларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Мактаблар очилди, маданий марказлар ташкил етилди, газета ва журналлар чиқарила бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида тилимиз ҳақида тўхталиб “Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва еҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир”, - деган эди.

Тил тафаккур иникосидир. Инсон қалбида кечган ҳис туйғуларни, ички кечинмаларини тил орқали ифодалайди. Одамлар имо-ишоралар, турли ҳатти-ҳаракатлари билан ҳам фикрини тушунтира олиши мумкин. Лекин бу фикрни ифодалаш учун йетарли эмас. Тил орқали инсон энг нозик ички ҳис туйғуларини ҳам ифодалай олади.

Лекин кишилар ўртасида бўладиган мулоқотларда адабий тил қоидаларига риоя қилмаслик, шева элементларини қўшиб гапириш, ёзишмаларда эса ўзбек тилининг асосий имло қоидаларига амал қилмаслик ҳолатларини учратиш мумкин. Бу эса Давлат тили масалаларининг ҳали-ҳануз долзарб бўлиб қолаётганини кўрсатади.

 Тил ҳақида сўз кетганда  Алишер Навоийнинг “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” деган ҳикматларида катта маъно мужассам эканлигига амин бўламиз.

Фикрини ўз она тилида равон ва ихчам ифодалай оладиган, ҳозирги ўзбек адабий тили меъёрларини  ўзлаштира олган ёшларни тарбиялаш долзарб масаладир. Ўзбек тили давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Кониституцияси қаторида турадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди.

Илк ёшданоқ оилада, мактабгача таълим муассасаларида болага тўғри нутқ, тўғри талаффуз нормаларини сингдириб бориш ёш ота-оналар, тарбиячиларга катта масъулият юклайди. Тўғрида, ўзи адабий тил нормаларига амал қилмаган тарбиячи ёки мураббийдан қандай тўғри нутқли, маънавиятли авлодни кутиш мумкин. Ҳақиқатдан ҳаётда учраб турадиган бундай ҳодисаларни кўп ва хўп учратиш мумкин. Нутқ бу Аллоҳ томонидан инсонга берилган буюк неъмат. Лекин уни ўрнида қисқа ва лўнда ишлата билиш ҳам инсон маънавиятининг бир кўринишидир.

Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг ушбу мисраларига изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак.

Олдига келганни емак ҳайвоннинг иши,

Оғзига келганни демак нодоннинг иши.

Донишмандларнинг айтишича доно кўп тинглайди оз сўзлайди, нодон эса кўп сўзлайди, оз тинглайди. Уни шунинг учун ҳам нодон  дейдилар.     Халқимизда шундай ажойиб мақол бор: “Ўйнаб айцанг ҳам ўйлаб айт”. Ўйламай, мушоҳада қилинмай айтилган гаплар кишилар бошига кўп ташвишлар келтирган. Буюк сўз устаси Абдулла Қодирий “Сўз сўзламакда, жумла тузмакда узоқ андиша керак” дейди.

Талабаларимизнинг кундалик ҳаётдаги ёки дарс машғулотларидаги ўзаро сўзлашуви, фикр алмашуви билан чегараланиб қолишига йўл қўймаслик лозим. Кундалик ҳаётимизда қўлланадиган сўзларнинг кўлами жуда кенг эмас. Ёшларни кўпроқ бадиий асарлар мутоалаа қилиш орқали нутқини ўстириш мумкин. Чунки бадиий асарларда китобхон кўп сўзларга дуч келади. Жумла тузиш, сўзлаш маданияти шаклланади. Сўз қўллашда сўзларнинг бир қанча вариантларидан-синонимларидан фойдаланиб жумла тузиш кўникмаси шаклланади.

Ҳозирги кунда ёшларимиз учун кенг имконият эшиклари очилмоқда. Шулардан бири кутубхоналардир. Уларда ўзбек тилидаги бадиий адабиётлар, ўқув қўлланмалари, илмий-сиёсий адабиётлар, луғатлар билан бойитилиб бораётганлиги ёш авлод тилини, тафаккурини юксалтиришда катта аҳамият касб етмоқда.

Нутқ оғзаки ва ёзма шаклда бўлади. Ўзбек тили тарихидан маълумки асрлар мобайнида биз турли хил ёзувлардан фойдаланиб келдик. Лекин ҳеч қайси ёзув ўзбек тили товушларини ўзида лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбоси каби тўлиқ акс эттира олмади.  Шунинг учун 1995 йил 24 августда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ўзбек тилининг лотин ёзуви асосидаги имло қоидалари ишлаб чиқилди. Бу йўналишда мамлакатимизда жуда катта ишлар амалга оширилди. Халқимиз маънавий мулкига айланиб қолган кўплаб китоб ва дарсликлар, газета-журналлар ва бошқа матбаа маҳсулотлари чоп этилди. 

Умумтаълим мактаб ўқувчиларининг тўлиқ лотин ёзувидаги янги ўзбек алифбосидаги дарсликлар билан таъминланганлиги мустақиллик йилларида эришилган ютуқлардан бири бўлди.

Жамиятнинг алоқа қуроли бўлган тил тарихий тараққиёт жараёнида жамиятнинг маънавиятини, маданиятини, ҳаётини, турли урф-одатларини акс эттириб бораверади. Тилнинг тақдири жамият тақдири, тилни яратган халқ тақдири билан боғлиқдир. Ўзбек тили ўзбек халқининг, ўзбек миллатининг битмас-туганмас бойлиги шу халқнинг маънавиятини, маданиятини кўтаришда энг муҳим воситадир.

Барча тиллар, жумладан, ўзбек тили ҳам ўз халқига хизмат қилиб, маънавий, маданий, иқтисодий ва бошқа соҳаларда энг муҳим алоқ воситаси бўлиб қолаверади.

Буларнинг барчаси Президентимиз Шавкт Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда она тилимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, унинг нуфузини янада юксалтиришга қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ёрқин ифодасидир. 

ГулДУ “Ўзбек тилшунослиги” кафедраси

катта ўқитувчиси, филология фанлари

бўйича фалсафа доктори

ИХТИЁОР ЕЭРМАТОВ

418 | 2020-10-15 15:00

Guliston davlat universiteti (GulDU)
Telefon: (0367) 225-40-42
Faks: (0367) 225-42-75

Manzil: Guliston sh. 4 mavze
Jamoat transporti: 2-4 yo'nalishdagi avtobus, universitet bekati
Email: glsu_info@edu.uz
Saytimizdan ma`lumot ko`chirilganda guldu.uz manba sifatida ko`rsatilishi shart.

Saytda xatolikni ko`rsangiz, xatoni belgilang va "CTRL+ENTER" tugmalarini bosib ma`muriyatga xabar bering!


Powered by Anvar Abduqayumov 2020
-->