БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН, АЗИЗ УСТОЗЛАР ВА МУРАББИЙЛАР!

Университет ректори, техника фанлари доктори, профессор Муҳсин Тожиевич Ҳоджиевнинг байрам табриги
 
Азиз устозлар ва мураббийлар!
Мана, ўн икки йилдирки таълим тизимида 1 октябрни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келмоқдамиз. Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини ёш авлод тарбиясидек шарафли ишга бағишлаган барча юртдошларимизни 1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.
Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Инсон тафаккурининг қуввати ва кенглиги аввало муаллим тарбиясига боғлиқ” деган пурҳикмат сўзлари сизларнинг машаққатли фаолиятингизга берилган юксак баҳодир, десак, ўйлайманки, янглишмаган бўламиз.
Ушбу қутлуғ кун муносабати билан сизларнинг шаънингизга энг самимий ва эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, барчамизнинг камол топишимиз, жамиятда муносиб ўрин эгаллашимизда бор билим ва тажрибасини, қалб ҳароратини бахш этиб келаётган меҳридарё устозларимизга чин юракдан миннатдорлик билдирамиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 23 август куни бўлиб ўтган халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида  мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида фикр юритар экан, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деган фикрини алоҳида таъкидлаб, бу масаланинг моҳияти ва аҳамиятига атрофлича тўхталиб ўтди.
Маърузада таъкидланганидек, жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланган.
Кейинги йилларда ана шу муаммоларни самарали ҳал этиш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан халқ таълими тизимига оид 6 та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилиниб, бу соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари мустаҳкамланди.
Педагог ходимлар меҳнати рағбатлантириб борилмоқда. Охирги уч йилда ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди. Узоқ туманларга бориб ишлаётган педагог кадрлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича аниқ мезонлар белгиланди. Уларга 50 фоизгача қўшимча ойлик устамалар тўланмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдимки, мамлакатимизда мактаб таълимини тубдан ислоҳ этиш билан бирга олий таълим тизимини ривожлантиришга ҳам устувор аҳамият берилмоқда. Янги ўқув йилидан бошлаб абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш, тест синовларини топширишда яратилган янги қулайликлар, бир йўла учта олийгоҳга ҳужжат топшириш учун берилган имкониятлар, контракт тўловларини ойма-ой бўлиб тўлаш сингари шарт-шароитлар ота-оналар ва ёшлар томонидан зўр мамнуният билан қарши олинди.
Ватанимизнинг ҳар бир фарзандини ўз фарзандидек севиб, ардоқлаб, уларни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш борасида сидқидилдан меҳнат қилаётган сиз ҳурматли ўқитувчи ва мураббийларга таянамиз ва сиз ўз зиммангиздаги бу вазифаларни албатта шараф билан адо этасиз деб ишонамиз.
Сизларни яна бир бор Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами билан қутлар эканман, барчангизга соғ-монлик, машаққатли ва шарафли меҳнатингизда улкан зафарлар, илмий ва ижодий муваффақиятлар, оилавий ҳаётингизда эса бахт, омад ёр бўлишини тилаб қоламан.

Гулистон давлат университети

118 | 2019-10-03 15:21
Sayt bo'ylab izlash
Virtual qabulxona
Ishonch telefonlari
0 (367) 225-41-76
Universitet rektoriga murojaat
'Huquqiy axborot' kanali
DTM Sirdaryo viloyati bo'limi kanali
Edu.uz (rasmiy kanal)

Guliston davlat universiteti (GulDU)
Telefon: (0367) 225-02-75
Faks: (0367) 225-40-42

Manzil: Guliston sh. 4 mavze
Jamoat transporti: 2-4 yo'nalishdagi avtobus, universitet bekati
Email: glsu_info@edu.uz
Saytimizdan ma`lumot ko`chirilganda guldu.uz manba sifatida ko`rsatilishi shart.

Saytda xatolikni ko`rsangiz, xatoni belgilang va "CTRL+ENTER" tugmalarini bosib ma`muriyatga xabar bering!


Powered by Anvar Abduqayumov 2019
  • Kirish

    Login
    Parol
    Ro'yxatdan o'tish