Битирувчилар клуби

Педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев миллий адабиётшунослик илмида ҳам, адабиёт ўқитиш методикаси соҳасида ҳам катта эврилиш ясаган олим. У 1949 йил 9 майда Сирдарё вилоятида дунёга келди. 1956 йилда Боёвут туманидаги 8-ўрта мактабга ўқишга кирди. 1966 йилда ўрта мактабни битириб, шу йили Сирдарё давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факултетига ўқишга қабул қилинди. Институтни имтиёзли битирган ёш мутахассис 1970 йилдан меҳнат фаолиятини бошлади. Аввал, Гулистон туманидаги 15- ва 1-мактабларда она тили ва адабиёт ўқитувчиси, сўнг 9-ҳунар техника билим юрти ўқув бўлими мудири, директор ўринбосари лавозимларида ишлади. Орада ҳарбий хизматга бориб келди.

1980 йилдан меҳнат фаолияти йўналишини ўзгартириб, Ўзкомпартия Гулистон райкоми инструктори, Қишлоқ хўжалик ходимлари касаба уюшмаси Гулистон райкоми раиси, “Қизил тонг” колхози парткоми вазифаларида ишлади.

1985 йилда колхозда ишлаб туриб, “Ўзбек совет сатирик ҳикояларида характер тасвири эволюцияси” мавзусида филология фанлари номзоди илмий даражаси учун диссертация ёқлади. 1986 йилдан Гулистон давлат университетида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири ва факультет декани лавозимларида ишлади. 1994 йилда адабиёт ўқитиш методикаси илмини янгилашга бел боғлаган Қ. Йўлдошев тайёр докторлик диссертацияси билан Тошкентга келади ва Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий тадқиқот институтида 1998 йилгача бўлим мудири, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари сифатида фаолият юритди. 1997 йилда “Янгича педагогик тафаккур ва умумтаълим мактабларида адабиёт ўқитишнинг илмий-методик асослари” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.

1998 йилдан Ўзбекистон Миллий университети “Ўзбек филологияси” факультети декани, кафедра мудири бўлиб ишлади. Ҳозирда “Матншунослик, миллий уйғониш даври ва ҳозирги ўзбек адабиёти тарихи” кафедраси профессори вазифасида фаолият олиб бормоқда.

Қ. Йўлдошев оилали – бир ўғил, бир қизи бор.

Қозоқбой Йўлдошевнинг адабиётшунослик соҳасидаги салоҳиятини унинг “Ёниқ сўз” китобида яққол кўриш мумкин. Замонавий адабий танқидчиликнинг тезкор ва ҳозиржавоб эмаслиги, унинг оқсаётганлиги сабаблари ҳақида мулоҳаза юритар экан олим соҳа ривожига кўпчилик адабиётшунослар тафаккурининг ўз ички тазйиқларидан қутулиб кетолмаётганлиги, “...миллий фалсафий қарашлар тизимининг тўлиқ шаклланмагани ва олимларнинг ўзгача қарашларни қабул қилолмаслиги” тўсиқ бўлаётганини, энди шаклланаётган ёш олимлар эса: “эскича ёзишни истамаганликлари ва янгича тафаккур маромини топа олмаётганликлари учун бир оз тин олишга мажбур” эканини сабаб қилиб кўрсатади. Камчиликларни бартараф этиш йўлларини: “Адабий танқидчилик ўзбекча торликни ёриб чиқиб кетмаса, ...адабиёт илмининг ривожланиши қийин. Чунки инсон фикрлаш ҳаққи ва имконияти туфайли инсондир. Бир кишининг фикри кўпчиликка, борингки, барча мутахассисларга ёқмаслиги мумкин, лекин бу ҳол ўша фикрнинг мавжуд бўлишига мутлақо халақит бермаслиги керак. Ижодкор истаган йўсинда, хоҳлаган йўналишда қалам суришга ҳақли. Ва бунинг учун у ҳеч кимдан рухсат сўраб, хайрихоҳлик кутиб ўтирмайди. Фақат у ўз қарашларини асослайдиган далиллар тизимига эга бўлса бас”,– дейди.

Адабиётшунослик эса: “...бадиий асарда тасвирланган алоҳида шахс кўнглидаги руҳий товланишларнинг илдизларини топа билгандагина чинакам илмий хулосалар чиқара олади. Бу йўлда баъзан у ижодкорнинг ўзи ҳам сезмаган жиҳатларни кашф этиши, асарнинг яширин қатламларини кўра билиши мумкин. Теран илмий кузатишларга бой адабиётшунослик миллатнинг умумий савиясига таъсир кўрсатади, мулоҳазали ўқувчиларни тарбиялайди. Адабий танқидчиликдаги янгиланишлар бадиий адабиётни ўзгартиради, айни вақтда, бадиий ижоддаги ўзгаришлар туфайли адабиётшунослик илми янгиланиб боради...”,- дея бугунги адабий танқидчиликнинг мезонларини белгилаб беради.

Адабиётшунос олим мазкур китобида ўзбек адабиёти тарихини даврлаштириш ҳақида ҳам бошқаларникидан тамомила фарқ қиладиган қарашларни баён этади. Маълумки, бу масала юзасидан турфа фикрлар мавжуд ва даврий матбуотда ҳар хил моделлар таклиф этилмоқда. Қ. Йўлдошев, аввал, адабиёт илми учун даврлаштириш нега керак деган саволга жавоб беради, сўнгра уни: “Исломгача бўлган даврдаги адабиёт. Ислом таъсиридаги адабиёт. Жаҳоний таъсирдаги ўзбек адабиёти” шаклида даврлаштиради ва ўз қарашларини миллий-тарихий далиллар билан асослайди. Адабиётни даврлаштириш борасидаги қарашларнинг яшовчанлиги ва илмда ўз ўрнини эгаллаши асосларнинг кучлилиги ҳамда адабиётшунослик илмининг билимдонлиги ва савиясига боғлиқ бўлади.

Профессор Қ. Йўлдошевнинг педагогик фаолияти ҳақида шуни айтиш мумкинки, домла адабиёт ўқитиш методикаси илмида ҳам кескин бурилиш ясади. Адабий таълимни тубдан ўзгартиришнинг ижтимоий, илмий ва педагогик омилларини асослаб кўрсатган олим бу жараённи таълим бериш билан бирга тарбиялашга қаратилиши кераклигини таъкидлайди. Қатор дарслик ва методик қўлланмалар муаллифи Қ. Йўлдошев: “Аслида адабиёт тарихига дахлдор бирор далилни шариллатиб айтиб бера оладиган, аммо маънавиятида эзгу фазилатлар бўлмаган ўқувчидан кўра, айрим адабий маълумотлар тизимини билмаса ҳам, бадиий асарларнинг қаҳрамонларига хос инсоний фазилатларни ўз табиатига сингдирган, сиртдан қараганда, нофаолдай туюладиган ўқувчилар жамиятимиз учун кўпроқ зарурдир”,- деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, адабий таълим йўналишини тубдан янгилашнинг миллий-тарихий илдизларини қидирар экан: “Мусулмон Шарқи учун бутун олам ҳодисаларини изоҳлаганда ҳам, бадиий ижод намуналарини тушунтирганда ҳам асрлар мобайнида қўл келган тажалли, жилва назарияси мавжуддирки, у бадиий воқеликни бошқа ҳар қандай қарашлардан кўра тўлароқ англатишга қодирдир. Қадим Туркистондаги мактабларда бадиий адабиёт асрлар давомида тажалли назариясига таянилган ҳолда ўқитилиб келинган. Негаки, ...чинакам бадиий асарларнинг асосий қисми яратилишида тажалли тамал тоши вазифасини ўтагандир. Бу назарияга таянадиган адабий таълим ўқувчиларда маънавий сифатларнинг шаклланишига, болаларда яратувчининг қудратидан ҳайратланиш, қаҳридан қўрқиш, гўзаллигидан завқланиш сингари ҳислатларни барпо этишга аҳамият беради. Ўқувчиларнинг қалбини тарбиялашга, туйғуларини, ҳиссиётларини нозиклаштиришга диққат қилади. Бундай тамойилларга таяниб иш кўрадиган мактаб талабалари ўзгаларнинг ғамига шерик бўлишга, адолатсизликка қарши бефарқ бўлмасликка, гўзалликдан лаззатланишга қодир кишилар бўлиб тарбияланадилар. Тажалли асосида иш кўрадиган адабий таълим комил шахс тарбиялашни мақсад деб ҳисоблайди”,- дея таъкидлайди ва бу мақсадларга эришишда ўрганиладиган асарларнинг ўқув таҳлили устувор мавқедла бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Нафақат ўзбек методика илмида, балки собиқ Иттифоқ республикалари олимлари орасида биринчи бўлиб, адабий таълим тизимининг мақсади, вазифалари, мазмуни нимадан иборат эканлигини ўз асарларида кўрсатиб берди.

Мамлакатда адабиёт ўқитиш жараёнининг йўналишини белгилаб берувчи “Адабий таълим концепцияси” номли бош ҳужжатни яратишда ҳам Қ. Йўлдошев мана шу илғор қарашларга асосланган. Унинг раҳбарлигида яратилган стандарт, дастур, дарслик, ўқув ва методик қўлланмаларда ҳам мана шу қадриятлар устуворлик қилади.

Профессор Қ. Йўлдошев раҳбарлигида олтита номзодлик ва битта докторлик диссертацияси муваффақиятли ҳимоя қилинди. Домла яна учта докторлик, ўнга яқин номзодлик ишларига бошчилик қилмоқда. Ҳимоя қилинган ва тайёрланаётган ишлар ҳам методик, ҳам филологик йўналишда эканлиги устоз илмий қамровининг миқиёсидан далолатдир.

Қўлингиздаги библиографик кўрсаткичда филология фанлари номзоди, педагогика фанлари доктори, профессор Қ. Йўлдошевнинг 2009 йилгача чоп этилган илмий ишлари ўз аксини топган. Серқирра олимнинг ижодидан фойдаланишда изланувчиларга қулайликлар яратиш мақсадида яратиқлари “Адабиётшунослик”, “Тилшунослик”, “Педагогика”, “Методика” ва “Энциклопедик мақолалар” каби рукнларга тақсимланган. Нашр қилинган ишларнинг умумий ҳажми тахминан бир ярим минг босма тобоқни ташкил этади.

Адабиётшунослик” рукни “Алоҳида нашрлар”, “Сўзбоши ва сўнгсўзлар”, “Журнал мақолалари”, “Тўпламларда чоп этилган мақолалар” ва “Газета мақолалари” сингари фаслларга ажратилган бўлиб, бу рукндан ўрин олган материаллар ҳажми, тахминан, 120 босма тобоқни ташкил этади.

Тилшунослик” бўлимидаги мақолаларнинг умумий ҳажми 34,5 босма тобоқни ташкил этса, “Педагогика” рукнидан ўрин олган яратиқларнинг ҳажми 27,51 босма тобоқдан иборат.

Нашр этилган ишлар рўйхатининг ҳажман энг катта бўлими “Методика” ҳисобланади. Бўлим “Концепция, стандарт, дастур ва дарсликлар”, “Методик қўлланма ва тавсиялар”, “Журнал мақолалари”, “Газета мақолалари” ва “Тўпламларда чоп этилган мақолалар” каби фаслларни ўз ичига олади ва битикларнинг умумий ҳажми 893 босма тобоқни ташкил этади.

207 | 2019-03-15 15:58
Sayt bo'ylab izlash
Virtual qabulxona
Ishonch telefonlari
0 (367) 225-41-76
Universitet rektoriga murojaat
'Huquqiy axborot' kanali
DTM Sirdaryo viloyati bo'limi kanali
Edu.uz (rasmiy kanal)

Guliston davlat universiteti (GulDU)
Telefon: (0367) 225-02-75
Faks: (0367) 225-40-42

Manzil: Guliston sh. 4 mavze
Jamoat transporti: 2-4 yo'nalishdagi avtobus, universitet bekati
Email: glsu_info@edu.uz
Saytimizdan ma`lumot ko`chirilganda guldu.uz manba sifatida ko`rsatilishi shart.

Saytda xatolikni ko`rsangiz, xatoni belgilang va "CTRL+ENTER" tugmalarini bosib ma`muriyatga xabar bering!


Powered by Anvar Abduqayumov 2019
  • Kirish

    Login
    Parol
    Ro'yxatdan o'tish